JUMA ELEVATORI

«Жума элеватори» АЖда бир кунда 90 тонна витаминга бойитилган ун ишлаб чиқарилмоқда

Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом туманидаги «Жума элеватори» АЖ қисқа вақт ичида энг замонавий корхоналардан бирига айланди. Бугунги кунда мазкур жамият цехларида ишлаб чиқарилаётган ун маҳсулотлари юқори сифати билан ажралиб туради. «Жума элеватори» АЖ 1977 йилда ташкил топган бўлиб, жами ғалла сақлаш сиғими 113 минг тоннани ташкил этади. Асосий фаолияти фермер хўжаликлари билан шартнома асосида ғалла қабул қилиб, қуритиб, тозалаб давлат захираси учун сақлаш, омухта ем, қолипли нон ва ун маҳсулотлари ишлаб чиқаришдан иборат. Бу даражага эришиш учун корхонада бир неча босқичли ишлар амалга оширилди. Улардан энг муҳими Туркиянинг  «Erkan Makina» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган замонавий тегирмон ускуна ва жиҳозлари ўрнатилиши бўлди. 782 минг АҚШ долларига олиб келинган янги тегирмон иш ҳажмини икки бараварга оширгани ҳолда энергия сарфини аксинча, 1,4 баробарга камайтирди. Янги ускуналар ёрдамида бир кунда 120 минг тонна ғаллани қайта ишлаш имкони бор. Шунингдек, эндиликда бир кунда 90 тонна витаминларга бой ун ишлаб чиқарилмоқда.

Туман аҳолисининг ун маҳсулотларига бўлган талаби қондирилиб келинмоқда. Ун ишлаб чиқариш қуввати 9 минг тоннадан 27 минг тоннага ошган. Омухта ем ишлаб чиқариш қуввати 6 минг тоннадан 12 минг тоннага ошган. Иссиқ нон ишлаб чиқариш 800 тоннани ташкил қилди.

Юқоридаги янгиланишларлан сўнг корхонада қўшимча 20 та иш ўринлари ташкил этилган. Уларнинг меҳнат хавфсизлиги, касбий малакани ошириш, маданий ҳордиқ чиқариш шароитлари яратилган. Ишчи ва ходимлар учун қулай ошхона фаолият кўрсатяпти.

Янги технология ўрнатилиши билан барча жараён автоматлаштирилган тизим асосида ишни юритмоқда.

– Маҳсулот сифати ошиши билан талаб ҳам ошавериши табиий ҳол, – дейди «Жума элеватори» АЖ раҳбари Шокир Пўлатов. ­ – 2021 йилдан цехларимизда ишлаб чиқарилган ун маҳсулотларини экспорт қилиш режаси устида ишлаяпмиз. Аҳоли истагидан келиб чиқиб замонавий новвойхоналарда қолипли нон ишлаб чиқариш ҳам йўлга қуйилган. Жамиятимизга тегишли нон цехида тўғридан-тўғри сотувни йўлга қўйдик. Шунингдек, акционерлик жамиятимизнинг иқтисодий фаолиятини ривожлантириш учун, талабга қараб жамият ҳудудида янги кунлик экструдерланган ва гранулаланган омухта ем ишлаб чиқариш технологияларини олиб келиб ишга тушириш режалаштирилган. Бу эса 2020 йилги «Манзилли дастур»да назарда тутилган вазифаларни ҳукумат ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиш режамизга мос келади. Белгиланган инвестицион лойиҳа таклифлари ҳамда корхона ва ишлаб чиқариш эҳтиёжидан келиб чиқиб бу каби лойиҳалар кенгайиб бораверади.

Манзил: Самарқанд вилояти, Жума шаҳри, Паст Дарғом тумани, Фитрат кўчаси, 2-уй

kun.uz